Аксар ёш оналарга таниш ҳолат – сизни гўдакингиз билан туғруқхонадан уйга олиб келишди, мана у уйғонди, йиғлашни бошлади, энди нима қилиш керак? Ҳамшираларнинг ва палатадаги тажрибали ҳамхоналарнинг ҳушёр раҳбарлиги остида чақалоқни парваришлаш бўйича қимматли тажриба тўплашга улгурмаган аёлларни айниқса ваҳима босади.
Айрим ота-оналар болага озор бериш ёки қўлдан тушириб юборишдан хавфсираб, ҳатто уни кўтаришга ҳам қўрқишади. Шунга ўхшаш хавотирларни бошдан кечирмаслик учун янги туғилган чақалоқни тўғри парваришлашни билиш лозим.
Овқатлантириш ва уйқу
Овқатланиш ва уйқу гўдак учун икки энг муҳим нарсадир. Болани кўкрак сути билан эмизиш энг яхши ҳисобланади, бу онага қулай ва бола учун фойдали. Кичкинтойни “талаб бўйича”, яъни унинг ўзи сўраганда овқатлантириш лозим. “Режим бўйича” – ҳар 3 соатда овқатлантириш – ўтмиш сарқити ҳисобланади. Одатда, бирмунча вақтдан сўнг чақалоқлар ўзлари учун қулай (бироқ қатъий эмас!) овқатланиш режими ўрнатиб олишади. Масалан, ҳар 2 соатда эмишни бошлашади. Мана шу режимга ота-оналар риоя қилишлари керак.
Тунда ҳам кичкинтой талаб бўйича овқатланади, шунинг учун кўп ота-оналар болалар кроватини ўзлариникига жипслаштириб қўйишади ёки болани ўзлари билан бирга олиб ётишади.
Эмизишлар орасидаги вақтда чақалоқ кўпинча ухлайди. Биринчи ойда болалар суткасига 14–19 соат ухлашади. Ой сайин бедорлик даврлари ортиб боради ва ярим ёшга етганда кичкинтой суткасига 13–14 соат ухлайди. Бунда, агар дастлабки ойларда болакай тун ё кунлигига қарамай ҳар 1,5–4 соатда уйғониши мумкин бўлса, тахминан саккиз ойдан бошлаб кўпгина болалар сутка вақтини аниқлай олишади ва кечки соат 10 дан эрталабки соат 6 гача ухлашади. Кундузи эса улар 2 марта 2 соатдан ором оладилар. 1–1,5 ёшга тўлганда кичкинтой “катталардек” – туни бўйи ва кундузи тушдан сўнг бир марта ухлашни бошлайди.
Уйқу пайтида болани йўргаклаш ёки йўргакламаслик масаласини ота-онанинг ўзи ҳал қилади. Кўпчилик кичкинтой ҳаракатлари билан ўзини уйғотиб юбормаслиги учун болани йўргаклайди, айрим болаларга шундай ухлаш қулайроқ. Ҳозир шифокорларнинг аксарияти болакайнинг қўлчалари ва оёқчалари эркин бўлиши керак, чунки бу меъёрдаги психомотор ривожланиш учун зарур деб ҳисоблайди. Шунинг учун иккинчи ойдан бошлаб болага иштонча кийдирган маъқул.
Изоҳлар (0)
Ҳозирча изоҳлар ёъқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг!
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг.
Кириш