Буйраклар тўлиқ ривожланган. Жигар чиқиндиларни қайта ишлашга қодир.
Тез-тез сийиш яна безовта қилиши мумкин.
Гўдакингиз қорин ичида “етилмоқда”, унинг барча органлари бор, ҳаммаси ишлаб турибди. Ҳадемай у тос соҳасига тушишни бошлайди ва ниҳоят онанинг нафас олиши осонлашади. Ўттиз бешинчи ҳафта — она тўлиқ жанговар тайёргарликда. Алмашинув картасини доим ёнингизда олиб юринг, телефонингиз аккумулятори зарядланган, ҳисобида эса етарли маблағ бўлиши кераклигини эътибордан қочирманг. Ҳали эрта бўлса ҳам, ҳар эҳтимолга қарши-да.
Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтаси — боланинг оғирлиги
35-ҳафтадан кичкинтой ҳафтасига 200–220 граммдан вазн йиғишни бошлайди, ҳозир у анча қувватга тўлган: боланинг вазни — 2,4–2,6 кг, бўйи эса — 46–47 см. Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтаси: боланинг вазни мазкур ойлар мобайнида яшаб келган жойига нисбатан катта. Болақайга “уйчаси” борган сари торлик қилиб бормоқда, аввалгидек эркин ҳаракатлана олмайди. Энди унинг ўмбалоқ ошишлари кўпроқ думалашларни эслатади. Сиз бола танасининг дам у, дам бу қисмини дўппайтираётганини кузатиб ҳузурланишингиз мумкин.
Кичкинтойнинг тирноқчалари ўсиб чиққан, ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасида улар шунчалик узунки, ҳатто қорнингизда у ўзини беихтиёр тирнаб олиши ҳам мумкин.
Бу даврда туклар йўқолади, ёғли тўқималарнинг кўпайиши давом этади. Тўқималар айниқса елка атрофи соҳасида фаол йиғилади, бу болақайнинг елкачалари такомиллашувидан нишонадир.
Қулайроқ жойлашиб олиб…
Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтаси болалар она қорнида то туғилгунга қадар ўзгартирмайдиган охирги ҳолатни танлаш муддати ҳисобланади.
Кўпинча, ҳомиладорликнинг 35–36-ҳафталарида аксар болалар тўғри ётиб олади: боши билан пастга қараган, юзи онасининг орқасига йўналган бўлади. Бундай ҳолат бош билан ётиш дейилади. Бош суяги ҳали охиригача қотиб бўлмаган ва туғруқ йўлларидан ўтаётганда шаклини бир оз ўзгартира олади, бу эса туғиш жараёнини енгиллаштиради. Кичкинтойингиз учун бундай боши билан пастга қараб ётиш ҳам қулай, ҳам мақбулдир, унинг мазкур муддатда ғужанак бўлиб ётиши ҳам табиий ҳол.
Агар болангиз тўнкарилиб олишни истамаган бўлса, хавотирга тушманг, туғруқлар, катта эҳтимол билан, муваффақиятли ўтади. Таҗрибали акушерлар бунинг учун барча иқтидорларини ишга солишлари лозим.
Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтаси — сезгилар
Қорин ростдан ҳам анча ўсган ва кўп қийинчиликларни туғдирмоқда! Бачадон йириклашиб, ошқозонни эзиб, ўпкаларни эса деярли япалоқ шаклга келтириб қўйган, у диафрагмага гўё ётиб олган. Яна озгина сабр қилинг: 35-ҳафтанинг охирига бориб болақай пастга тушишни бошлайди, тўйиб-тўйиб нафас оласиз.
Ҳозир эса, агар ростдан ҳам нафас олиш қийинлашган бўлса, мазкур ғалати бир машқни бажаринг: тизза ва кафтларни ерга қўйган ҳолда туриб, бир неча марта чуқур нафас олиб чиқаринг.
Бачадоннинг туби киндикдан 15 см ва қов симфизидан 35 см га кўтарилган. Киндикнинг ўзи дўппайиб қолган кўринишга эга. Бу ҳомиладорликнинг мазкур муддати учун одатий ҳолдир. Ушбу даврда кичкинтой сизинг организмигиздан фаол тарзда кальций моддасини истеъмол қилади. Таомномангизда қаймоғи олинмаган сут ва сут маҳсулотларига алоҳида эътиборингизни қаратинг.
Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтаси: қорин тошдек қотади
Муддат анча катталашган, ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасида кўпгина аёллар учун ноқулайликлар ҳисси хос бўлади: оёқдаги оғриқлар ёки қориннинг пастки қисмидаги тортувчи оғриқлар вақти-вақти билан безовта қилади. Албатта, гўдакингиз анча катталашган, унга жой торлик қилмоқда, онанинг қорни доим таранг ҳолатда турибди. Айрим аёлларда ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасида муайян ноқулайликлар вужудга келиши мумкин: қорин тошдек қотади, оёқлар шишади, чарчаганлик ҳисси — буларнинг ҳаммаси сизини деярли ҳолдан тойдиради.
Бироқ бу аломатларни енгиллаштириш ёки уларни бутунлай четлаб ўтиш мумкин. Баъзида бунинг учун жуда осон ҳаракатлар керак. Масалан, муттасил ўтириб қоладиган ҳаёт тарзидан воз кечиш тавсия қилинади: амалда ҳар 10–20 дақиқада юриб ҳаракатланиш керак. Бундан ташқари қўл ва оёқларда шишлар пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида кўп суюқлик ичмаслик керак. Эрталаблари ва кун давомида ҳомиладорлар учун мўлжалланган енгил бадантарбия билан шуғулланган яхши ҳамда тўғри ва кам-камдан овқатланган маъқул.
Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасида туғруқ
Болақай “етилган”, у туғилиш вақтини кутиб ётган чақалоққа ўхшайди. Гарчи ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасидаги туғруқ меъёр деб ҳисобланмаса-да, ваҳимага тушмаслик керак. Ҳозирги асосий вазифа — мавридни ўтказиб юбормаслик! Агар қўққисдан белда бирор оғриқ юзага келса ва у даврий тусга эга бўлса, ажралмалар чиқса ёки қорнингиз тошдек қотганини сезсангиз, бу ҳақда зудлик билан шифокорни хабардор қилганингиз маъқул. Шунда, агар мазкур муддатда туғруқ келиб қолса ҳам, Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши ўтади ва она узоқ вақтдан буён кутаётган кичкинтойини бағрига босиб олади!
Хотиржам ҳомиладорлик
35-ҳафта — максимал даражада яхши кайфият ва хотиржамлик даври ҳисобланади. Агар ҳозирги муддатда туғиш билан боғлиқ қандайдир ваҳима сизини чулғаса, уни дарҳол ҳайдаб юборинг. Кечки томон яхши фильмлар томоша қилинг, сокин мусиқа тинчлантиришини унутманг, алла айтишни канда қилманг. Болаларга онаси айтган қўшиқлар доим ёқади.
Ишончингиз комил бўлсин: ҳаммаси яхши бўлади. Ҳомиладорлигингиз муддати ҳам тугай деб қолди. Бу ғнимат кунлардан ҳузурланиб қолинг. Агар дадил бўла олмасангиз, яқинда туғадиган аёллар курсларига қатнаинг.
Кўпчилик орасида инсон ўзини доим дадилроқ ҳис этади. Одамлар билан мулоқот қилишдан ташқари бундай курсларда билимингиз янада ошади, тўлғоқ вақтида ўзингизни қандай тутишни билиб оласиз. Бу эса туғруқ вақтида дадилроқ бўлишингизга ёрдам беради.
Изоҳлар (0)
Ҳозирча изоҳлар ёъқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг!
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг.
Кириш