Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтаси

Вазни 7 g
Бўйи 4.1 см
Катталиги Анжир

Галерея

Week image
Week image
Week image

Бола ривожланиши

Бола бошини кўтара олади. Ташқи жинсий аъзолар шакллана бошлайди.

Она организмидаги ўзгаришлар

Токсикоз белгилари камайиши мумкин. Иштаҳа очилиши мумкин.

Умумий маълумот

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтаси – биринчи триместр охирлаб бормоқда, токсикоз «чекинмоқда», бўлғуси она эса бачадони ўсиб бораётганини сеза бошламоқда. Ташқи ўзгаришлар ҳали унчалик сезилмаса-да, бироқ ички томондан ҳар бир аёл янги ҳолатга амалда мослашиб бўлган. Ҳомиладорликнинг дастлабки хавотирли ҳафталаридаги қўрқишлар ортда қолган, бўлғуси она эмоционал бардошли бўлганини сезмоқда.

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида кичкинтой билан нималар юз беради ва ушбу даврда она ўзини қандай ҳис қилади?

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасидаги сезгилар

Кўпчилик аёллар бу ҳафтада азобловчи токсикоздан халос бўла бошлайди. Лекин у ҳали кетмаган бўлса ҳам хавотирланишга ўрин йўқ. Токсикоз 14-ҳафтага қадар, балки ундан ҳам узоқроққа чўзилиши мумкин, бироқ унинг аломатлари тобора камайиб боради. Баъзида токсикоз ўрнига жиғилдон қайнаши юзага келиши мумкин, вазиятни қабзият мушкуллаштириши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бунга гормонларнинг фаолияти сабаб бўлади. Лекин кўп аёллар жиғилдон қайнашига ҳам, қабзиятга ҳам шикоят қилишмайди, ана шунинг учун улар албатта менда ҳам учрар экан деб ўзини ишонтириб қўймаслик керак.

Кўпгина ҳомиладор аёллар ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида қориннинг пастки қисми – қовнинг шундоққина тепаси бирозгина дўппайиб қолганлигини сезишлари мумкин. Агар шимингиз тугмаси тақилмай қолса, хипча белли кўйлагингиз сизга тор кела бошласа ҳайрон бўлманг. Бачадон ҳали кичик тос суяги чегараларидан чиқиб кетмаган бўлса-да, ўсиб бораётган қоринни ҳис этса бўлади. Бу давр ҳам хатарли даврлардан ҳисобланади, шунинг учун, агар ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида қорин тортқиласа ёки оғриса, белда зирқираш юз берса, унда ҳомиладорни кузатиб бораётган гинекологга маслаҳат сўраб мурожаат қилган маъқул.

Қиндан кучли ажралмалар чиқиши бошланади. Бундан чўчимаслик керак: бу ҳол ҳомиладорликнинг охирига қадар сизни тарк этмаслиги ҳам мумкин. Бироз ачимқироқ ҳидли оқ ажралманинг чиқиши меъёр ҳисобланади. Эмчакдан чиқадиган кам миқдордаги ажралмалар ҳам меъёр ҳисобланади, уларга тегманг ва сиқиб чиқаришга уринманг – бу оғиз сути ҳисобланади.

Ўсяпсанми, кичкинтой?

Бола анча ўсиб қолган, ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида ҳомиланинг ҳажми – 6 см атрофида, вазни 8 дан 10 граммгача келади. Боланинг катталиги йирик олхўри донасидек бор.

У жуда тез ривожланади:
— Бошини кўтара олади;
— Нарсаларни ушлай олиш кўникмаси пайдо бўлган;
— Боланинг овқат ҳазм қилиш тракти ривожланади;
— Жинсий аъзолари шакллана бошламоқда;
— Болақайда ташқи таъсирларга сезувчанлик пайдо бўлган;
— Болақайнинг ҳаракатлари янада равшанлашган.

Ҳомиладорлик 11-ҳафтасининг хусусиятлари

Кайфиятнинг тез ўзгариб туриши ҳолатлари сизни тарк этмаган бўлса эҳтимол. Бундан, албатта, чўчиш керак эмас. Гормонлар ўз ишини кўрсатади, шунинг учун ҳиссиётдаги тез-тез бўладиган ўзгаришлар бу муддатда ғайритабиий ҳисобланмайди.

Ҳамма нарсани гормонлардан кўравермасликка ҳаракат қилинг, ўз ҳиссиётларингизни бошқара билинг, сабрли ва оқила бўлинг. Толиқиб қолишдан ўзингизни сақланг, катта юкламалар ҳомиладор аёл организми учун стресс ҳисобланади. Ўзингизни бўш қўйишни ўрганинг, бу кўникма сизга ҳомиладорлик даврида ҳам, туғруқ вақтида ҳам асқотади.

Тартибли таомнома

Тўлиқ, мувозанатлашган таомнома – ушбу қоидага 11-ҳафтада ҳам риоя қиламиз. Ўз таомномангизга бўтқа, творог, мева ва сабзавотларни, мол гўшти, кўкат, ёнғоқлар, ўсимлик мойларини албатта киритинг.

Бўкиб ейиш керак эмас, акс ҳолда жиғилдон қайнаши ва қабзиятдан қутулолмай қоласиз. Бўлакларга бўлиб овқатланамиз: ҳар 3–4 соат оралиғида кичик-кичик порциялар ейиш керак. Ёғли, аччиқ, қовурилган, дудланган овқатлардан ўзни тийган маъқул. Ичишга оддий сув, эндигина сиқиб чиқарилган шарбатлар ва морс яхши.

Скрининг ва бошқа текширишлар

Бу муддатда сизни скринингдан ўтишга юборишлари мумкин. Скрининг уч карра УЗИ ҳамда қоннинг биокимёвий таҳлилидан иборат. Бу ҳомиланинг ривожланишида мавжуд бўлиши мумкин бўлган нуқсонларни, аниқроғи, ушбу нуқсонларнинг ривожланиб кетиши хавфини аниқлай оладиган таҳлил. Бу муолажа кичкинтойнинг ривожланиши ва онанинг саломатлигига таъсир кўрсатмайди.

Агар текшириш давомида шифокор томонидан бирор-бир хавотирли омиллар аниқланадиган бўлса, бўлғуси онани маслаҳат олиш учун генетикка юборишади. Лекин скрининг маълумотлари зинҳор ҳукм эмас, балки янада батафсил текширишлар ўтказиш учун важ-сабаб холос.

Биринчи скрининг 11–12-ҳафтада ўтказилади, бу ҳомиладорликнинг аниқ муддатини белгилаш учун ҳам энг мақбул вақт ҳисобланади. Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида УЗИ ўтказишдан мақсад – ҳомиладорлик жараёнига баҳо бериш, кўп ҳомилаликни аниқлаш ва ҳомиланинг энса майдонини (nuchal translucency) ўлчашдан иборат.

Ташқи кўринишимга нима бўлди?

Ва ниҳоят, аёл ташқи кўринишида нималар ўзгариб бораётганини айтиб ўтсак. Сиз тирноқларингизнинг синувчанлигини, сочларингиз тўкилаётганини сезишингиз мумкин. Бунга қарши курашиш амалда бефойда, туғруқдан кейин буларнинг ҳаммаси ўз меъёрига қайтади.

Тескари ҳолат ҳам бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас: аёл сочларининг қуюқлашганини, улар тез ўсayotganини сезиши мумкин. Соч бўяшдан тийилиб туришни маслаҳат берамиз: организмдаги гормонал ўзгаришлар натижага таъсир кўрсатиб, у кутилмаган бўлиб чиқиши мумкин.

Терингиз чўзилиши сабабли тилим-тилим атрофик чандиқлар пайдо бўлиш эҳтимолининг олдини олувчи мойлардан (масалан, зайтун мойидан) фойдаланишнинг айни вақтидир, акс ҳолда бу паллани ўтказиб юборганингиздан афсус чекиб қолишингиз мумкин.

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар ёъқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг.

Кириш