Кўзлар очилади ва пирпирайди.
Бел оғриғи кучайиши мумкин, қулай пойабзал кийинг.
Иккинчи триместр якунланмоқда — ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасига қадам қўйдингиз. Бўлғуси онанинг қорни киндикдан 6 см га юқорилашган, сиз энди том маънода ўзингизни ҳомиладор ҳис этасиз. Тасаввур қилинг: бачадонингиз ҳозир каттагина тарвуздек келади!
Туғруққа тайёргарлик кўришни бошлаш ва махсус курсларга ёзилиш вақти келди. Ҳолатингиз энди ҳаммага маълум, кўплар сизга маслаҳат ва саволлар беришдан чарчамайди. Қориннинг шаклига қараб ўғил ёки қиз туғишингизни тахмин қилишади. Лекин аслида қориннинг шаклини аёлнинг тос суяги белгилайди: агар тос энсиз бўлса — ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасида қорин учли бўлади.
Ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасида нима юз беради?
Ўсиб бораётган қорин нафасингизни сиқади, ҳансириш юзага келади, доим чуқур нафас олгингиз келаверади. Борган сайин пойабзалингизни ўзингиз кийишга қийналасиз, қадам ташлашингиз ўзгаради. Узоқ масофа ва баланд зинапоялар ҳақиқий муаммога айланади.
Бу муддатда вазнингизга 9 кг қўшилиши мумкин, бу меъёрдаги рақам. Бел оғриғи, оёқлардаги оғирлик безовта қилиши мумкин. Кўпроқ дам олинг ҳамда узоқ масофага сайр қилиш, тинкани қуритувчи навбат кутиш ва бошқалардан ўзингизни тийинг. Ҳозирча шифокор ҳузурига икки ҳафтада бир қатнаяпсиз, лекин агар сизга ҳомиладорларда бўладиган камқонлик ёки пиелонефрит ташхисини қўйишса, докторга тез-тез боришингизга тўғри келади.
Махсус бандажни тақиб юринг, тилим-тилим атрофик чандиқлар пайдо бўлишининг олдини олувчи кремлардан фойдаланинг. Агар ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасида «ёлғон тўлғоқлар» ва ҳомиланинг ҳаддан ортиқ қимирлашини ҳис қилсангиз, хавотирланманг. Лекин докторга бу ҳақда айтинг, айниқса, бу тўлғоқлар бачадоннинг гипертонуси билан биргаликда юз берса, айтиш керак.
Ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасида ҳомиланинг аҳволи
Ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасида ҳомиланинг катталиги 32 см, оғирлиги эса деярли 900 граммга тенг бўлади. У энди жуда фаоллашган, сиз буни сезиб турасиз. Баъзида кичкинтойнинг турткилашлари бир оз оғриқли бўлади (айниқса, агар болакай жигар ёки қовуқни нишонга оладиган бўлса).
Кичкинтой ёғ йиғишни бошлаган, унинг териси бирмунча оч тусга кирган. Унинг асосий сезгилари — таъм билиш ва эшитиш. Унга мулойим ёқимли мусиқа, онасининг эркаловчи овози, табиатнинг ажойиб товушлари хуш ёқади, шовқин-сурон эса кичкинтойни чўчитиб юбориши мумкин.
Болакай қориндаёқ онасининг юрак уришини, қоннинг томирлардаги оқишини эшитгани учун бу товушлар унга ёқимли, ўзиникидек бўлиб қолган. Буни унутманг, зеро, ҳали янги туғилган кичкинтой қайсарлик қила бошлаганда сиз уни шундоққина бағрингизга босиб, овутишингиз мумкин бўлади. У онасининг юраги ураётганини эшитади, бу эса унинг учун одатий, таниш товушдир.
Ўзингизни стресслардан эҳтиёт қилинг
Ҳолатингизда юз берадиган ўзгаришлар сизга халақит бериши, кайфиятингизни бузиши мумкин. Лекин бу қийинчиликлар абадий эмас-ку, яқинда сиз бошқа юмуш ва ташвишлар дунёсига ғарқ бўласиз. Кайфиятни бузувчи арзимас нарсаларга ўралашиб қолманг, эътиборингизни арзигулик, муҳимроқ ишларга қаратинг.
Яқинларингиздан сизга мададкор бўлишларини илтимос қилинг. Ташвишланиш керак бўлмаган нарсаларга асабингизни сарфлаб ўтирманг. Турли хил стрессли ҳолатлардан ўзингизни асранг — улар сизга ҳеч ҳам керак эмас.
Овқатни қисмларга бўлиб енг
Кўнгил айниши ва жиғилдон қайнаши бу муддатда тез-тез учраб туради. Бунинг ажабланарли жойи йўқ: бачадон бошқа аъзоларни эзади, уларни силжитади, ҳазм қилиш тизими ҳам «сурилиб туриш»га мажбур бўлади. Бунда сизга қисмларга бўлиб овқатланиш ёрдам беради. Яхшиси тез-тез, лекин кам-камдан енг. Муштингиз ҳажмича таом есангиз етади.
Уйда тайёрланган овқат ҳозир сизга кўпроқ маъқул келади, лекин у ҳам аччиқ, тузланган, дудланган, қовурилган бўлмасин. Ширинлик ва хамирли таомларни озгинадан есангиз бўлади. Зираворларни кўп истеъмол қилмаган маъқул, ахир, ичкарида кичкинтой ҳомила атрофидаги сувларни ютади, уларда эса аёл тановул қилган овқатнинг таъми бўлади.
Текширувда: вазн ва ҳажм
Қабул вақтида шифокор сиздан тарозига чиқишингизни сўрайди, артериал қон босимингизни, қорин ҳажмини ўлчайди. Эҳтимол, қабулдан бир кун аввал бўлғуси она умумий қон ва умумий сийдик таҳлилларини топширган бўлади. Шифокор таҳлил натижаларини ўрганиб чиқади, агар улар меъёрда бўлмаса, қўшимча текширувларни тайинлаши мумкин.
Ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасида УЗИни камдан-кам ҳолларда тайинлашади, бунга фақат муҳим сабаб бўлиши керак.
Ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасидаги сезгилар
Олдинги кийимларига она зўрға сиғади. Бу муддатда ҳатто пойабзалнинг ҳам кўпинча бир ўлчам каттасини сотиб олишга тўғри келади. Лекин бу сиз энди чиройли ва латофатли бўлмай қолдингиз дегани эмас. Шу ҳолатингизда ҳам жуда гўзалсиз: қопдек кўйлак ёки ноқулай тор шим эмас, балки бўлғуси оналар учун мўлжалланган махсус кийим сизга янада чирой қўшади.
Изоҳлар (0)
Ҳозирча изоҳлар ёъқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг!
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг.
Кириш